Ana səhifə

Ўзбекистон республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ўзбекистон қишлоқ ХЎжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ўзбекистон пахтачилик илмий-тадқИҚот институти


Yüklə 2.73 Mb.
səhifə1/3
tarix24.06.2016
ölçüsü2.73 Mb.
  1   2   3


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ИЛМИЙ-ИШЛАБ ЧИҚАРИШ МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОН ПАХТАЧИЛИК ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ИНСТИТУТИ


Қўлёзма ҳуқуқида

УДК 633.635.65+631.874.471



ЁҚУБОВ ҒАЙРАТ ҚУВАНДИҚОВИЧ

ДЕГРАДАЦИЯГА УЧРАГАН ТУПРОҚЛАРДА INDIGOFERA TINCTORIA L. ЎСИМЛИГИНИ ЕТИШТИРИШНИНГ АГРОЭКОЛОГИК ВА БИОТЕХНОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ

(Хоразм вилояти мисолида)

06.01.09 — Ўсимликшунослик

06.01.01 — Умумий деҳқончилик

Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди илмий

даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация


А В Т О Р Е Ф Е Р А Т И

ТОШКЕНТ – 2012

Диссертация иши Урганч Давлат университети «Барқарор тараққиёт ва экологик таълим» кафедрасида 2006-2009 йиллар мобайнида бажарилган.



Илмий раҳбарлар: биология фанлари доктори,

профессор Эргашев Абдуқодир

биология фанлари доктори

Эшчанов Рўзимбой Абдуллаевич


Расмий оппонентлар: қишлоқ хўжалиги фанлари доктори,

профессор Орипов Раззоқ


Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган халқ таълими ходими,

биология фанлари доктори, профессор

Рахимова Тўра Узақовна

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети

Ҳимоя Ўзбекистон Пахтачилик илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертациялар ҳимояси бўйича Д.020.44.01 рақамли Бирлашган ихтисослашган кенгашнинг 2012 йил «__» ________куни соат ___да ўтадиган мажлисида бўлади.



Манзил: 111202, Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Оққовоқ а/б., ЎзПИТИ мажлислар зали. Тел.: (+99895) 142-22-35

Диссертация билан Ўзбекистон Пахтачилик илмий-тадқиқот институти кутубхонасида танишиш мумкин.


Автореферат 2012 йил «___» _________да тарқатилди.

Бирлашган ихтисослашган кенгаш

илмий котиби, қишлоқ хўжалиги

фанлари номзоди, катта илмий ходим Ф.М. Хасанова




ДИССЕРТАЦИЯНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ

Мавзунинг долзарблиги. XX асрнинг ўрталаридан бошлаб Марказий Осиё минтақасида саҳроланиш, шу жумладан, тупроқ деградацияси глобал муаммоларидан бирига айланди. Тупроқ деградацияси нафақат қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини пасайишини, балки бугунги кунда ўсиб бораётган аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини, атроф-муҳит муаммоларини ҳам қамраб олди. Шу сабабли, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Рио-де-Жанейрода (1992) бўлиб ўтган конференциясида қабул қилинган “Атроф муҳит ва ривожланиш” декларациясида тупроқ деградацияси ҳозирги замоннинг жуда муҳим масаласи деб таъкидланди. Ушбу декларацияда ерларнинг деградациясига қарши курашда мавжуд тупроқ, ер ресурслари унумдорлигини сақлаб қолишга қаратилган фаолиятларни янада жадаллаштириш лозимлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган. Бу борада, жаҳонда рўй бераётган молиявий-иқтисодий инқирозни инобатга олиб, Президентимиз И.А.Каримовнинг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” (2009) асарида қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил олишда истиқболли технологияларни яратиш ва жорий этиш орқали республика иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини улушининг кўпайтирилиши иқтисодий инқирозни бартараф этишнинг асосий йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаган.

Деградацияга учраган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун суғориш ва коллектор-дренаж тизимларини такомиллаштириш, мақсадли шўр ювиш, органик ўғитлардан фойдаланиш, дуккакли экинларни экиш чора-тадбирларини қўллаш бўйича бир қатор тавсияномалар ишлаб чиқилган. Шу билан биргаликда, қишлоқ хўжалигида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилайдиган, тупроқ деградациясини камайтиришга, тупроқ унумдорлигини тиклашга, соҳа иқтисодиётини ва уни қўшимча даромад манбаи бўла оладиган йўлларидан бири, ноанъанавий экинлардан Indigofera tinctoria L. ўсимлигини етиштириш усуллари республикамизда, шу жумладан, Хоразм вилоятининг ўтлоқи аллювиал тупроқлари шароитида ўрганилмаган. Шу боис, Хоразм воҳаси шароитида Индигофера ўсимлигини етиштириш агротехникаси, ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлигини аниқлаш ва қишлоқ хўжалиги, саноат миқёсида амалда фойдаланиш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқиш долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.



Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Республикамизнинг турли тупроқ иқлим шароитларида алмашлаб экиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги экинларининг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлик кўрсаткичлари Р.Орипов (1969, 1983), Т.Хамрақулов (1974), Т.Ш.Мансуров (1991), С.Шоназаров (1997), Р.Ш.Тилляев ва Д. Юльчиев (2004), Б.М.Холиқов (2007), Н.Усмонов (2007) лар томонидан кўпгина илмий-тадқиқотлар олиб борилган. Лекин, Индигофера ўсимлигини асосий ва кузги буғдойдан кейин такрорий экин сифатида етиштирилганда ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши, биомасса тўплаши ва уруғ бериш имкониятлари, ўсимлик экстрактидан табиий индиго бўёқ пигменти олиниши умуман ўрганилмаган.

Диссертация ишининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация иши Урганч Давлат университети ва ЮНЕСКО/ГЭФ КГД ПРООН/ЕРТБ БАС (Япония) ташкилотлари, Ўзбекистон фермерлар уюшмасининг Хоразм вилояти вакиллиги ҳамда “Индиго Жонибек” хусусий корхонаси ҳамкорлигида UZB/SGP/OP/Y2/CORE/2009/12 рақамли ҳалқаро лойиҳалари доирасида амалга оширилди.

Тадқиқот мақсади. Хоразм вилоятининг деградацияга учраган ўтлоқи аллювиал тупроқларида Индигофера ўсимлигини асосий ва кузги буғдойдан кейин такрорий экин сифатида етиштирилганда тупроққа ишлов бериш усуллари ва органик ҳамда маъданли ўғитлар қўллашни ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши, биомасса тўплаши ва ҳосилдорлигига таъсирини ўрганиш.

Тадқиқот вазифалари:

- Индигофера ўсимлигини Хоразм вилоятининг деградацияга учраган тупроқларида асосий экин сифатида етиштирилганда тупроққа ишлов бериш усуллари ва органик ҳамда маъданли ўғит қўллашнинг уруғларни униб чиқиши, ўсимликларни ўсиши, биомасса тўплашига таъсирини аниқлаш;

- Индигофера ўсимлиги экилган майдон тупроғининг агрокимёвий ва агрофизик хоссаларига таъсирини ўрганиш;

- Индигофера ўсимлигини кузги буғдойдан кейин такрорий экин сифатида етиштирилганда маъдан ўғитлар меъёрларини унинг ўсишига ва ривожланишига, ер устки биомассасига таъсирини аниқлаш;



- Асосий ва такрорий экин сифатида етиштирилган Индигофера ўсимлигининг барги ва поясидан табиий индиго бўёғи олиш технологиясининг иқтисодий самарадорлигини аниқлаш.

Тадқиқот объекти ва предмети. Тадқиқот объекти: деградацияга учраган ўтлоқи аллювиал тупроқлар ва индигофера ўсимлиги. Тадқиқот предмети: тупроққа ишлов бериш усуллари, органик ва маъдан ўғитларни индигоферанинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига таъсири; ушбу усулларда индигофера етиштирилганда тупроқ унумдорлигининг ўзгариши.

Тадқиқот методлари. Илмий-тадқиқот ишларида кузатиш, ҳисоблаш ва таҳлиллар Ўзбекистон Пахтачилик илмий-тадқиқот институтининг «Методы проведения полевых опытов» (1961), «Методы агрохимических, агрофизических и микробиологических исследований в поливных хлопковых районах» (СоюзНИХИ, 1963). Тупроқ ва ўсимлик намуналарининг таҳлили «Методы агрохимических анализов почв и растений Средней Азии» (1977), «Методика полевого опыта” (Доспехов, 1985), «Методика Государственного сортоиспытания сельскохозяйственных культур» (1964) ва «Дала тажрибаларини ўтказиш услублари» (ЎзПИТИ, 2007) каби услубий қўлланмалари асосида бажарилди. Тажрибада олинган маълумотларни SAS 9.2 дастурида вариацион-статистик таҳлил қилинди.

Тадқиқот гипотезаси. Хоразм вилоятининг деградацияга учраган тупроқлари шароитида Индигофера ўсимлигини асосий ва кузги буғдойдан кейин такрорий экин сифатида етиштириш, тупроқ унумдорлигини яхшилаш ҳамда экологик тоза бўёқ олиш мумкин.
Ҳимояга олиб чиқилаётган асосий ҳолатлар:

  • Хоразм вилоятининг деградацияга учраган тупроқларда Индигоферани янги ўсимлик тури сифатида етиштириш;

  • Индигоферани асосий экин сифатида етиштирилганда тупроққа ишлов бериш усуллари ва органик ҳамда маъданли ўғит қўлланилганда ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлик кўрсаткичлари, индигофера ўсимлигини тупроқнинг агрокимёвий ва агрофизик хоссаларига таъсири;

  • Кузги буғдойдан кейин такрорий экин сифатида индигофера етиштирилганда ўсимликнинг ўсиши ва ривожланишига ҳамда биомасса тўплашига азот ўғити меъёрларининг таъсири;

  • Индигофера ўсимлигини етиштириш ва табиий бўёқ пигменти олиш технологиясининг иқтисодий самарадорлиги.

Илмий янгилиги. Хоразм вилоятининг деградацияга учраган ўтлоқи аллювиал тупроқлари шароитида тропик минтақа ўсимлиги ҳисобланган Индигофера ўсимлигини текис ерга ва пуштага гўнг қўлланиб ёки гўнгсиз ҳамда турли меъёрларда азот ўғити ишлатилиб экилганда ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги ва тупроқ унумдорлигига таъсири ҳамда экин биомассасидан бўёқ олиш технологияси илк бор тадқиқ қилинди. Асосий экинда Индигоферадан юқори биомасса ва уруғ ҳосили олиш учун тупроққа ишлов бериш усуллари ва гўнг, анғизга экилганда азот ўғитининг мақбул меъёрлари аниқланди ва ишлаб чиқаришга тавсиялар берилди.

Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Хоразм вилоятининг деградацияга учраган ўтлоқи-аллювиал тупроқлари шароитида Индигофера ўсимлигини етиштириш ва ўсимликнинг биомассасидан табиий индиго бўёқ пигменти олиш мумкинлиги илк бор исботланди. Мазкур шароитда Индигофера ўсимлигини етиштириш агротехникасининг элементлари ишлаб чиқилди: Индигофера асосий экин сифатида етиштирилганда тупроққа ишлов бериш усули ва органик ўғит қўллаш; кузги буғдойдан кейин такрорий экин сифатида парваришланганда эса азот ўғитининг мақбул меъёри ишлаб чиқилди.

Ҳайдов остига 10 т/га гўнг солиниб, пуштага экилган Индигоферадан ўртача 3,5 т/га қуруқ барг+поя биомасса ҳосили олиниб, шартли соф фойда 4,0-4,5 млн. сўм/га ни ташкил этди. Кузги буғдойдан кейин N120P100K30 кг/га қўлланилиб парваришланганда Индигофера ўсимлигидан 2,3 т/га қуруқ биомасса олинди ва шартли соф фойда 2,0-2,5 млн. сўм/га га тенг бўлди.



Натижаларнинг жорий қилиниши. Илмий тадқиқот натижалари Хоразм вилояти Урганч давлат университетининг тажриба хўжалигида 0,7 га, Боғот тумани «Янги ер» фермер хўжалигини 0,9 га майдонларига жорий қилинди. Шунингдек, Индигофера ўсимлигини етиштириш, табиий бўёқлар биотехнологияси ва тупроқ экологиясини яхшилаш бўйича фермерлар учун ўқув-амалий қўлланма (2009) нашр қилинди ва Урганч давлат университетида бўлиб ўтган махсус семинар-тренингда тақдим этилди.

Ишнинг синовдан ўтиши. Дала тажрибалари 2006-2009 йй. мобайнида ЦЭФ/ЮНЕСКО лойиҳаси ва Урганч давлат университетининг махсус семинарларида маъруза қилинди. Шунингдек, изланишлар натижалари “Қуйи Амударё минтақасида ижтимоий-иқтисодий муаммоларининг географик ечимлари” мавзусидаги илмий-амалий конференциясида (УрДУ, 2010); “Аграрная наука- сельскому хозяйству” V халқаро илмий-амалий конференциясида (Барнаул, 2010); «Новые и нетрадиционные растения и перспективы их использования» IX халқаро симпозиумида (Москва, 2011); Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг маърузалар тўплами (Тошкент, 2011); ЮНЕСКО, ГЭФ, КГД, БАС лойиҳаси ва Хоразм вилояти фермерлар уюшмаси ташкилотларининг семинар-тренингида (Урганч, 2009) маъруза қилинган.

Диссертация иши Хоразм Маъмун Академияси ва Урганч Давлат университети «Барқарор тараққиёт ва экологик таълим» кафедрасининг кенгайтирилган қўшма йиғилишида (Баённома № 18, 27.05.2011й.) муҳокама қилинган ҳамда Ўзбекистон Пахтачилик илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги Д.020.44.01 рақамли Бирлашган ихтисослашган кенгаш қошидаги Илмий семинар муҳокамасидан (Баённома № 7, 12.11.2011й.) ўтган.



Натижаларнинг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича 11 та илмий мақола ва 1 та ўқув-амалий қўлланма чоп этилган. Шундан 1 таси «Илм сарчашмалари» журналида, 4 таси «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» журналида, 1 таси Агро илм- «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» журналининг илмий иловасида, 1 таси «Хоразм Маъмун академиясининг ахборотномаси» да, 1 таси «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг» журналида 2 таси халқаро ва 1 таси республика илмий-амалий конференция материаллари тўпламида ҳамда фермерлар учун ўқув-амалий қўлланма чоп этилган.

Диссертация тузилиши ва ҳажми. Диссертация иши 168 бетдан иборат бўлиб, унинг асосий мазмуни 110 бетда баён этилган. Унда кириш, адабиётлар таҳлили, табиий тупроқ-иқлим шароитлари, тадқиқот объектлари ва услублари, тадқиқот натижалари, хулоса ва тавсиялар, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалар берилган. Диссертацияда 29 жадвал, 10 расм ва 47 иловалар келтирилган бўлиб, 148 та илмий адабиётлардан фойдаланилган, шулардан 85 таси хорижий манбалардир.

ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ

Тажриба ўтказиш шароити ва услублари. Тажрибалар деградацияга учраган ўтлоқи аллювиал тупроқлари шароитида бажарилди. Биринчи дала тажрибаси 2006-2008 йй. Урганч давлат университетининг ўқув-дала тажриба хўжалигида (60037′17′′-шарқий узунлик, 41039′7′′-шимолий кенглик) олиб борилди. Бунда Индигофера ўсимлиги асосий экинда етиштирилиб, изланишларда тупроққа ишлов бериш усуллари ва гўнг қўллашнинг самарадорлиги ўрганилди (1-жадвал). Барча вариантларда N100Р100К30 кг/га фон сифатида, 3 ва 4 вариантларда ярим чириган қорамол гўнгги ишлатилди.

Иккинчи дала тажрибаси 2007-2008 йй. Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги М.Қувоқов номли фермер хўжалиги уюшмаси даласида (60057′16′′-шарқий узунлик, 41024′8′′-шимолий кенглик) олиб борилиб, Индигофера ўсимлиги кузги буғдойдан кейин такрорий экин сифатида етиштирилганда экиннинг биомасса ҳосилига азотли ўғитлар меъёрларининг таъсири ўрганилди (2-жадвал). Тажриба майдонлари тупроғининг механик таркиби ўрта қумоқ, вариантлар 4- қайтариқда рендомизация усулида жойлаштирилди.


1-жадвал

Биринчи тажриба тизими

Вариантлар

тартиб рақами



Тупроққа ишлов

бериш усуллари



Гўнг меъёри,

т/га


1

Текис ерга экиш

-

2

Пуштага экиш

-

3

Текис ерга экиш

10

4

Пуштага экиш

10

Ҳар бир бўлинма 8 қаторли, қатор ораси 90 см, бўлинманинг умумий майдони 108 м2 (7,2 х 15 м), ҳисоблаш майдончаси 36 м2.



2-жадвал

Иккинчи тажриба тизими

Вариантлар

тартиби


Тупроққа ишлов

бериш усули



Минерал ўғитлар меъёри, кг/га

N

P2O5

K2O

1

тупроқ 25-30 см

чуқурликда ҳайдалиб,

уруғ пуштага экилади


0

100

30

2

80

100

30

3

100

100

30

4

120

100

30

5

140

100

30

Индигофера ўсимлиги уруғини пушта ва текис ерга 3-4 кг/га меъёрда экилди, кўчат қалинлиги 200 минг туп/га. Тажрибада минерал ўғитлардан аммиакли селитра (34% N), оддий суперфосфат (10% P2O5) ва калий хлориди (58-60% K2O) қўлланилди. Фосфорли-калийли ўғитлар ва гўнг ерни ҳайдашдан олдин ишлатилди. Ўсимликни чинбарг чиқариш (50%) ва гуллаш (50%) даврида азот ўғити билан озиқлантирилди. Биринчи тажрибада Индигофера ўсимлигидан барг+поя массаси сентябрь ойининг биринчи декадасида, уруғ олиш учун октябрнинг биринчи декадасида йиғиштириб олинди. Иккинчи тажрибада етиштирилган Индигофера ўсимлиги сентябрь ойининг учинчи декадасида ўриб олинди.

Дала тажрибалари қўйишдан олдин тупроқнинг 0-30 ва 30-50 см қатламларидан аралашган намуналари олиниб, улардаги гумус миқдори И.В.Тюрин, ялпи азот ва умумий фосфор миқдорлари Л.П.Гриценко, И.М.Малъцева усулида, нитратли азот - ионселектив, ҳаракатчан фосфор Б.П.Мачигин ва алмашинувчи калий П.В.Протасов усулларида аниқланди. Ўсимликнинг анғиз ва илдиз қолдиқлари таркибидаги умумий NPK миқдорлари Гинзбург, Шеглова ва Вильфиус усулида амалга оширилди. Тупроқнинг рH сув/тупроқ (1:5) ва шўрланиши (сув/тупроқ 1:1) суспензиясида аниқланди (Широкова, 2000). Тупроқнинг ҳажм массаси ўсув даврининг бошланиши ва охирида ҳар 10 см ли қатламда тупроқнинг 0,5 м гача бўлган чуқурлигида ўрганилди.

Индигофера ўсимлигининг униб чиқиши 10-15 кун давомида, ўсимликлар чинбарг ҳосил қилиши 15 кун давомида барча вариант ва такрорланишларда аниқланди. Ўсимликларни ўсиши, ривожланиши борасида фенологик кузатувлар барча вариантлар ва такрорланишларда 25 та ўсимликда олиб борилди. Индигофера ўсимлиги ҳосилини (алоҳида биомасса ва уруғ) ҳар бир вариантда 1,11 п/м майдонда 3 та нуқтада аниқланди. Барча фенологик кузатувлар, биометрик ўлчовлар ва ҳосилни аниқлаш «Методика полевых опытов с зерновыми культурами” (1971), “Методика полевых опытов” (Доспехов, 1985) «Дала тажрибаларини ўтказиш услублари» (ЎзПИТИ, 2007) қўлланмалари асосида олиб борилди. Тажриба маълумотларига SAS 9.2 дастурида вариацион-статистик таҳлил қилинди.



Indigofera tinctoria L. ўсимлиги дуккакгуллилар (Leguminosales) аждоди, дуккакдошлар (Leguminosae) оиласининг энг катта капалакдошлар (Papilionatae) оилачаси, Индигофера авлодига мансуб тур ҳисобланади. Бу оилача вакилларининг кўпчилик қисми тропик минтақада кенг тарқалган бўлиб, асосан ўтлар, баъзан буталар ва айрим турларигина бўёқ берувчи хусусиятга эга эканлиги билан бошқа турларидан ажралиб туради. Биз ўрганаётган тур худди шундай хусусиятга эгадир (1-расм).

Морфологияси. Илдизи ўқ илдиз, ранги қўнғир, ер остига 0,3-0,4 м чуқурликгача ўсади. Илдизидаги туганак бактериялар битта ўсимлик тупида 40-80 донагача бўлиб, катталиги ўртача 0,7-1,0 см келади. Ўсимлик бўйи ўртача 1,0-1,5 метр (3-расм).







1-расм. Ўсимликнинг умумий кўриниши.

2-расм. Индигофера ўсимлиги дуккакларини жойлашиши.

3-расм. Далада индигофера ўсимлигини йиғиштириб олиниши.

Поясининг ранги оч яшил рангда, майда туклар билан қопланган, бу тукларда реппелентлар мавжуд бўлиб, улар ўсимликни айрим зараркунанда ҳашоратлардан ҳимоя қилади. Барглари пояда навбатма-навбат жойлашади, шакли ярим овалсимон оддий ва мураккаб баргдан иборат. Оддий барглари ўсимликни ўсув даври бошларида ва ўрталарида ҳосил бўлади, аммо ўсув даврининг охирига келиб тўкилиб кетади. Мураккаб барглари эса тоқ патсимон бўлиб, поясининг пастки қисмидагилари 3-5 та япроқчадан, ўртасидагилари 5-7-9 япроқчадан ибрат. Гулкосачаси қўнғироқсимон, икки жинсли. Гуллари қизил-сарғиш рангда, қийшиқ гул тузилишига (зигоморф) эга, гуллари барг қўлтиғида тўпгул ҳосил қилиб жойлашади. Тўпгуллари каллакча шаклида. Гултожининг капалак шаклида тузилганлиги капалакдошлар оилачасининг белгисидир. Меваси дуккак бўлиб, қуруқ қўнғир рангда, ҳар бир дуккакнинг узунлиги 0,5-1,2 см ни ташкил қилади.

Биологияси. Indigofera tinctoria L. ўсимлиги ҳаётий шаклига кўра бир йиллик ўт ўсимликдир. Тўпгулларининг гулчалари асосан, ўсимликнинг пастки қисмидан юқори қисмига қараб очилади ва аста секин дуккак ҳосил қила бошлайди. Ўсимлик чинбарг чиқаргандан кейин, оддий ва мураккаб барг чиқиши билан ўсимлик ўсув даврининг охиригача тўпгул ҳосил қилаверади. Гуллари ҳашоратлар ва турли ҳил омиллар билан чангланади. Меваси етилгандан кейин уруғининг ранги яшил, дуккаги эса қизил рангдан қўнғир рангга ўтади. Гул бандининг узунлиги ўртача 2-3 см бўлиб, унда дуккак мевалар 3-18 тагача кетма-кет жойлашади (2-расм). Ҳар бир дуккак ичида ўртача 2-4 дона уруғ бўлиб, битта тўпгул ўқида ўртача 6 тадан 72 донагача уруғ етилади. 1000 дона уруғининг вазни 10-12 грамм. Дуккаклар пишиб етилиш даврида эса барглар сарғайиб тўкила бошлайди. Унинг бу хусусияти биомассанинг йиғиб олиш муддатларини белгилашда ёки ўсимликни қайси мақсадда ўстириш, уруғ ёки барг биомассаси етиштириш учун муҳим аҳамиятга эга. Ўсимликнинг биологик хусусиятларидан яна бири барг ҳосил қилиш жадаллиги, яъни гуллар оталаниб, дуккаклар ҳосил бўлиб, ранги қизара бошлаш давригача асосий ва ён шохларида жадал равишда барг биомассаси ҳосил қилади. Дуккаклар пишиб бошлагандан кейин барг ҳосил бўлиши кескин пасаяди. Ён шохларнинг пастки қисмидаги дастлабки ҳосил бўлган дуккаклар пишиб етилганда, барглар сарғайиб тўкила бошлайди, шундай бўлса ҳам, асосий ва ён шохлардаги шохчаларида барглар ҳосил бўлиши ўсимлик ўсув даврининг охиригача давом этади, аммо бу барглар жуда майда бўлади. Ён шохлар ўсимликнинг, асосан, пастки қисмидан ҳосил бўлиб, ўртача 5-10 та бўлади. Улар жадал ўсиб, асосий поя бўйи билан тенглашади ёки ундан ҳам баланд ўсиши мумкин. Ўз навбатида, ён шохлардан кичик шохчалар ҳам ўсиб чиқади ва барг массалари ҳосил қилади. Лекин, бу шохчаларидаги барглари асосий ва ён шохлардаги баргларидан деярли икки баравар кичик бўлади. Илдизи ўсимликнинг дастлабки ўсув даврида ер устки қисмига нисбатан тез ривожланади ва уруғ униб чиққандан кейин 20-25 кун ичида ер устки қисмига нисбатан 2-3 баравар узун бўлади. Бу муддатдан кейин ер устки қисми ўсиши жадаллашиб, аксинча, илдизнинг ўсиши кескин камаяди. Ўсимликнинг гуллаш даврида йирик ён илдизидаги майда илдиз тукчаларида туганак бактериялар пайдо бўлиб, атмосфера ҳавосидаги эркин азотни ўзлаштириб, ўсимликнинг ўсиши ва ривожланиши учун азот манбаи бўлиб хизмат қилади. Индигофера ўсимлиги тропик минтақадан келиб чиққанлиги сабабли, уруғи тупроқ ҳарорати 18-20оС бўлганда униб чиқа бошлайди. Республикамизнинг жанубий минтақаларида бу муддат апрель ойининг биринчи, марказий ҳудудларида иккинчи, шимолий ҳудудларида эса апрель ойи охири ва май ойининг биринчи декадаларига тўғри келади. Ўсимликнинг бутун ўсув даври (уруғининг тўлиқ пишиб етилиши) 130-150 кунга тўғри келади.

Уруғларни униб чиқиш динамикаси. Биринчи тажриба маълумотларини кўрсатишича, 2006 йилда 1- вариантда 9 кунда 25% уруғлар униб чиққан бўлса, 2, 3 ва 4-вариантларда мутаносиб равишда 7; 8 ва 6 кунда кузатилди. Экилган уруғларни 75% униши биринчи вариантда 15-чи кунда, 2, 3 ва 4-вариантларда эса тегишли равишда 14; 15 ва 12-чи кунларда кузатилди. 2007-2008 йй. экишдан кейинги дастлабки даврда уруғларни униши 1-3 кун кечроқ бўлганлиги қайд этилди. Бу йилларда уруғларни 25% униши 1-вариантда мутаносиб равишда 11 ва 10 кунда, 2, 3 ва 4- вариантларда 7-9 кунда кузатилди. Кейинчалик уруғларни униб чиқиш жадали тезлашган ва биринчи йилги маълумотларга жуда яқин бўлган бўлиб, уруғларни далада 75% униб чиқиши 1-вариантда 14-15 кунда, 2, 3 ва 4 вариантларда 10-14 кунда кузатилди.

Натижада, текис ерга нисбатан пуштага экилган уруғларнинг униб чиқиши 1-4 кунга тезлашган. Гўнгсиз вариантга нисбатан текис ерга гўнг ишлатилиб экилган уруғларнинг униб чиқиш жадаллиги ҳам юқори бўлди (1-4 кун). Гўнгсиз ва гўнг қўллаб пуштага экилган вариантларда уруғларни униб чиқиши баъзи холларда бир-бирига яқин, баъзи йилларда гўнг ишлатилган вариант 1-2 кунга олдинлаган. Демак, Индигофера ўсимлиги уруғларини бир текис униб чиқишини таъминлаш учун ерни хайдашдан олдин 10 т/га гўнг қўллаш, кейин пушта олиб, ерга уруғ қадаш мақсадга мувофиқ.


  1   2   3


Verilənlər bazası müəlliflik hüququ ilə müdafiə olunur ©atelim.com 2016
rəhbərliyinə müraciət